Россиянинг Амур областида иш ҳақини олмаган ўзбекистонлик фуқаролар тартибсизлик уюштирди
Амур областида ишчилар “Газпром” компанияси учун газни қайта ишлаш заводини қураётган Renaissance Heavy Industries компаниясининг офисида тартибсизлик уюштирган. Компания матбуот котиби Ирина Дмитрукнинг айтишича, бунга ходимларга иш ҳақи тўланмагани сабабчи бўлган, дея хабар беради «Эхо Москвы».
Baza нашрининг қайд этишича, Амурск ГҚИЗда ишчиларга уч ойдан бери маош тўлашмаяпти. Шу сабабли ўнлаб одамлар компания офисига келиб, техникани уриб синдира бошлаган.
Оммавий тартибсизликлар ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилди, дея хабар беради РБК Тергов қўмитасига таянган ҳолда. Терговчиларнинг таъкидлашича, тартибсизликда Ўзбекистон фуқаролари қатнашган “Амур газни қайта ишлаш мажмуасининг қурилиш майдони ҳудудида <...> Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган пудратчи ташкилот ишчилари ва унинг раҳбарияти орасида меҳнат фаолияти учун патентга пул тўлаш бўйича харажатларни қоплаш тартиби қисмида келишмовчиликлар муносабати билан низо юзага келган ва у оммавий тартибсизликка айланган ”.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ушбу воқеани назорат остига олди ва Россия Федерациясининг ИИВ ва бошқа ваколатли органлари билан алоқани ушлаб турибди, дея қайд этади Ўзбекистон ТИВ. Воқеа жойига элчихонанинг бош консули жўнаб кетган.
«Элчихона Россия томон билан биргаликда олиб бориладиган низога олиб келган сабаблар ва шароитларни батафсил ўрганиш натижалари ва барча томонлар учун мақбул бўлган ечимнинг ишлаб чиқилиши ҳақида ахборот бериб боради», – дейилади хабарда.
Facebook саҳифамизга обуна бўлинг
Шарҳлар