Самара областидаги палаткали лагерда яна 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик муҳожир тўпланди

Самара областидаги палаткали лагерда яна 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик муҳожир тўпланди

Ҳозир Самара областидаги махсус палаткали лагерда ўз ватанига қайтишни истаётган уч мингдан ортиқ ўзбекистонлик муҳожир яшамоқда. Бу ҳақда “Эхо Москвы” нашри хабар беради.

Ўзбек миллий-маданий автономияси котиби Ёдгор Усмоновнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик муҳожирлар Кинель шаҳри ёнида жойлашган палаткали лагерга келишда давом этмоқда.

Олтинчи сентябрь куни темир йўл рейси орқали Россиядан 900 нафар муҳожир олиб чиқилганди. Поездга ўтқазиш ишлари Ўзбекистон Республикаси бош консуллиги томонидан тасдиқланган рўйхатлар бўйича ўтказилмоқда. Бироқ Ёдгор Усмоновнинг айтишича, охирги кунларда лагерда чипталарни уч баравар қимматга, яъни 30 минг рублга сотаётган олиб сотарлар пайдо бўлган.

Муҳожирлар Кинелга август ойининг ўнинчи санасида кела бошлаган. Улар ватанига қайтишга уринган ҳолда темир йўл вокзалида поезд кутишган. Маҳаллий ҳокимият муҳожирлар учун сув ва электр энергиясига эга палаткали лагерни ташкил қилгунга қадар улар матрасларда ва қўлбола палаткаларда бевосита перроннинг ўзида яшаган.

Бош саҳифадаги фотосурат: Meduza

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.