Самара вилоятида 600 нафар Ўзбекистон фуқароси учун лагерь-обсерватор ташкил қилинди
600 нафар Ўзбекистон фуқароси учун мўлжалланган лагерь-обсерватор Самара вилоятида ташкил қилинди. Фуқаролар Большечернигов районида уйга қайтиш учун чегара очилиши умидида тўпланган. Бу ҳақда TASS ушбу ҳудуд ҳукматининг хабарига таянган ҳолда маълум қилади.
«Кўрсатилган фуқароларнинг ўз-ўзини изоляциялаши масаласини ҳал қилиш ва коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфининг олдини олиш мақсадида ушбу ҳудуд ҳокимияти шу ернинг ўзида лагерь-обсерватор ташкил қилишга мажбур бўлди», – дейилади хабарда.
Ҳудуд ҳукуматининг қайд этишича, Ўзбекистон фуқаролари чегара ҳудудига чегара очилиши ҳақидаги ҳаққоний бўлмаган ахборотга таянган ҳолда етиб келган.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқаролари мамлакат ҳукуматига Қозоғистон орқали коридор ташкил қилиш илтимоси билан мурожаат қилаётгани акс этган видео тарқалди.
Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Бош консуллик фуқаролар ва маҳаллий ҳукумат билан алоқада. Бундан ташқари, ТИВнинг тезкор штаби Россия-Қозоғистон чегарасида юзага келган вазият ҳақидаги ахборотни республика махсус комиссиясига масалани комплекс кўриб чиқиш учун юборган.
Аввалроқ Оренбург областининг Қозоғистон билан чегара ҳудудида уйга қайтиш учун транзит коридорини тақдим этишни талаб қилаётган бир неча юз Ўзбекистон фуқароси тўплангани ҳақида маълумот пайдо бўлганди.
Шарҳлар