Самарқанд вилоят ИИБ 16 ёшли ўсмирни қўлга олиш билан боғлиқ ҳолатга изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда “Самарқандда ИИБ ходимлари ниқобсиз юрган 15 ёшли болани олиб кетишмоқчи бўлди, акасини ва атрофдаги одамларни тушунтиришига қарамасдан, милиция 15 ёшли болани олиб кетди ва шу воқеани тасвирга олаётган аёлни телефонига уришди» номли видеолавҳа тарқалди. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.
Самарқанд вилоят ИИБда воқеа 13 октябрь куни соат тахминан 13:00 ларда Самарқанд шаҳрининг Гагарин кўчасида содир бўлганини маълум қилишмоқда. Ушбу йўналишда хизмат олиб бораётган ППХ ходимлари кўчада тиббий ҳимоя ниқобини тақмай ҳаракатланиб келаётган 16 ёшли А. ва унинг акасини тўхтатиб, карантин қоидалари бекор бўлмаганлиги, тиббий ҳимоя ниқобини тақиб юриш лозимлигини тушунтириб, уларни ИИБ биносига таклиф қилишганда, улар ИИО ходимларининг қонуний талабларига қаршилик қилишган.
Ўртада келиб чиққан келишмовчиликка атрофдаги фуқаролар ҳам қўшилиб, А.ни қўйиб юборишни талаб қилишган.
Шу ерда тасвирга олиб турган фуқаро қўл телефонини ППХ ходимининг юзига яқин олиб келганлиги сабабли, ходим камерани туртиб юборган.
Фуқаролар ИИБ биносига олиб келиниб, улар билан карантин қоидаларига риоя қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, уйига жавоб берилган.
Ҳолатдаги ППХ ходимлари билан яна бир-бор фуқаролар билан мулоқот жараёнларида одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Бундан олдин Тошкентда тунда 13 ёшли ўсмир бола ушланган шунга ўхшаш воқеа ҳақида ёзгандик.
Шарҳлар