Самарқанд вилоятида фуқаро $8000 эвазига йигитни Миллий гвардия институтига киритишга ваъда берган
Жорий йилнинг август ойи бошларида Иштихон тумани Халқобод маҳалласида истиқомат қилувчи 20 ёшли фуқаро З.А. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Каттақўрғон шаҳар бўлимига ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида 2019 йил март-апрель ойларида таниши Н. Б. ўзини Тошкент шаҳар Миллий гвардиясида ишлашини айтиб, ишончига кириб, уни Миллий гвардия Ҳарбий-техника институтида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 8000 АҚШ доллар эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, ундан 1500 AҚШ долларини олгани, ваъдасини бажармагандан сўнг, 2019 йил июль ойиларида 1000 АҚШ долларини қайтариб бериб, қолган пулларини ҳозирга қадар қайтариб бермаётганлиги сабабли, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар беради.
Фуқаро З.А.нинг аризаси асосида Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилган 32 ёшли Н.Б.га нисбатан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган ҳамда ҳолат бўйича Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик), 28-моддаси (Жиноят иштирокчиларининг турлари), 211-моддаси 1-қисмида (Пора бериш) кўзда тутилган жиноят аломатлари борлигини аниқланиб, жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, олиб борилган суриштирувлар натижасида нафақат 2019 йилда балки жорий йилда йилда ҳам Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган номзодлар рўйхатида аризачи З.А.нинг йўқлиги аниқланди ҳамда фуқаро Н.Б. Миллий гвардия тизимида хизмат қилмаслиги ва шу билан бирга, муқаддам ҳеч қайси ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар таркибида ҳам фаолият юритмаслиги маълум бўлди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Шарҳлар