Самарқандда коронавирусга чалинган беморлар учун охирги марказ ёпилди
Самарқандда беморлар сони камайиши муносабати билан COVID-19 га чалинган беморлар учун охирги марказ ёпилди. Бу ҳақда Samcity нашри Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.
ССВ маълумотларига кўра, 5 январь куни Самарқандда COVID-19 га чалинган охирги бемор муассасадан чиққан. Шу тариқа, Кимёгарлар шаҳарчасидаги охирги карантин марказимаркази ўз фаолиятини якунлади.
«Пандемия бошланганидан буён илк марта ҳудудимиздаги коронавирусга чалинган беморлар тўлиқ соғайиб кетди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси машаққатли ва фидокорона меҳнати, маҳорати учун барча тиббий ходимларга миннатдорчилик билдиради», – дейилади хабарда.
Ҳудудда янгидан коронавирусга чалиниш ҳолатлари учун Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасида махсус бўлим тайёрланган.
Бундан олдин Самарқанддаги олимпия захираларини тайёрлаш мажмуаси базасида ташкил қилинган коронавирусга гумони бор беморлар учун 1080 ўринли тақсимлаш ва даволаш маркази ёпилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек Ургут ва Каттақўоғон туманларидаги карантин марказлари ҳам ёпилган.
Шарҳлар