Сенат раиси жинсий тарбия борасида муносабат билдирди
12 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг раиси ва Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раҳбари Танзила Норбоева Ўзбекистонда жинсий тарбия масалалари ёпиқ мавзу бўлишдан тўхташи, бу борадаги тарбияни ёшлик бошлаш кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда Газета.uz ёзади.
«Гинеколог масаласида қизлар кўринмаслиги керак деган стереотиплар бор. Жинсий тарбия масаласи биз учун ёпиқ мавзу ҳисобланади. Ҳеч ким гапириши мумкин эмас. Деярли кўп оилаларда, ҳаттоки ота-она ҳам фарзандларига шу нарсаларни гапирмайди. Бу нотўғри. Биз ўйлаймизки, жинсий тарбияни ёш болаликдан олиб бориш керак», — дея қайд этади Сенат раиси.
Унинг сўзларига кўра, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Маҳалла ва оила институти ташкил этилган. Унда ота-оналарга қиз ва ўғил болаларга жинсий тарбия мавзусида қанақа кўникма бериш кераклиги бўйича катта лойиҳа бошланган.
«Президентимиз ташаббуси билан мактабларда тарбия дарси киритилди. Вазирликларга шу тарбия дарсида, албатта, жинсий тарбия йўналиши, гендер тенглик масалаларини киритишни, қизларни алоҳида, ўғил болаларни алоҳида ўқитиш, тайёрлаш вазифасини қўйдик. Ҳозир тарбия дарс соатларига мана шу нарсалар киритилган. Ўқув дастурларини шу даражада нозиклик, билим билан қилишимиз керакки, ўғил бола, қиз болага керакли билимни беришимиз лозим. Мактабгача таълимда ёшга мос қилиб, ўзини доирасида, юқори синфларда ва олий таълим муассасаларида қизлар ва ўғил болаларни оилага тайёрлаш, репродуктив саломатлик, туғиш, сақланиш, қариндош уруғлик никоҳлари ва бошқалар тўғрисида очиқдан-очиқ маълумотларни беришимиз керак», — деди Танзила Нарбаева.
«Биз ёпганимиз сари интернет очиқ. Интернетда ёмон нарсаларни ўрганаяпти. У салбий оқибатларга олиб келаяпти. Шунинг учун ундан кўра, дўст бўлиб, дугона бўлиб, ота, ака-ука бўлиб, маълумотни бергани, менимча фойдалироқ бўлса керак», — дея таъкидлайди юқори палата раиси.
Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова мамлакатда қизларнинг касаллигини яшириш ҳолатлари тарқалганлигини қўшимча қилади. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун президент поликлиникаларда қизлар саломатлиги марказларини очишни таклиф этди. Бугунги кунда бундай марказлар 200 дан ортиқ марказий поликлиникада фаолият кўрсатмоқда, қизлар учун махсус хоналар оилавий поликлиникаларда ва қишлоқ врачлик пунктларида ҳам очилган.
«Ўсмир қизлар тиббий кўрикдан ўтиши шарт. агар уларда касалликлар бўлса, уларни илк босқичда аниқлаш зарур», — таъкидлайди бош вазир ўринбосари.
Бош саҳифадаги фотосурат: UzReport
Шарҳлар