Сенат Ўзбекистоннинг ЕОИИда кузатувчи сифатида қатнашишини маъқуллади
Парламент юқори палатаси тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги масаласи кўриб чиқилди.
Газета.uz тарқатган маълумотга кўра, овоз беришда жами 100 та сенатордан 91 нафари қатнашган. Қарорга 71 та сенатор “тарафдор”, 16 та сенатор “қарши” ва 4 та сенатор “бетараф” чиққан.
«ЕОИИ доирасида ҳамкорликни йўлга қўйиш тарафдорларининг фикрига кўра, ушбу ташкилот билан ҳамкорлик ташқи савдо ҳажмининг ўсиши, мамлакатимизда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этишда минтақалараро алоқаларни ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтиради», – дея қайд этилади Сенат матбуот хизматининг хабарида.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ЕОИИга аъзо давлатларга божхона расмийлаштирувини амалга оширмасдан экспорт қилиш имконияти яратилади. Яна бир эътиборли томони шундаки, ЕОИИ билан ҳамкорлик транспорт-коммуникация ва юклар транзити соҳасидаги манфаатларига ижобий таъсир қилади. ЕОИИга аъзо давлатларда ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимизга кенг имконият яратади.
Қарши овоз берган сенаторлар иқтисодиётимизнинг қатор тармоқларида ишлаб чиқариш суръатларининг пасайиши, муайян даражада иш ўринларининг йўқотилиши, инвестиция фаолияти ва саноат модернизация жараёнларининг сустлашишига олиб келиши мумкинлигини билдиришди.
«Шунингдек, муайян даврда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари нархларининг ошиши, уларнинг рақобатбардошлигига салбий таъсир қилиши ҳамда ички бозорда импорт маҳсулотлари ҳажми кўпайишини ҳам таъкидлашди. Бундан ташқари, республиканинг савдо сальдоси ва тўлов баланси ҳолати ёмонлашиши хавфи борлиги қайд этилди. Мамлакатимиз манфаатлари учун Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласи долзарброқ эканлиги ҳам айтиб ўтилди», – дея хулоса қилинади хабарда.
Қизғин ва очиқ мунозара якунида сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг ЕОИИда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиш таклифини маъқуллашди.
Шарҳлар