Шавкат Мирзиёев карантин даврида бизнес ва аҳолини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармоннинг қисқача асосий мазмуни
3 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишнинг асосий мазмунини келтирамиз.
1. Туризм ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар жорий йил охиригача ер солиғи ва мулк солиғини тўлашдан озод этилади. Улар учун ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизгача пасайтирилади. Ушбу имтиёздан туризм соҳасида хизмат кўрсатувчи 1 мингдан ортиқ субъект фойдаланиши мумкин.
2. Карантин даврида ўз фаолиятини мажбуран тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслар даромадига солинадиган солиқ ва ижтимоий солиқ тўхтатилади. Ушбу имтиёз қарийб 150 мингта якка тартибдаги тадбиркорга ёрдам беради.
3. Тушуми ўтган ойга нисбатан 50 фоизга қисқарган кичик бизнес субъектларига маблағлар айланмасидан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий ва сув солиқларини тўлаш жорий йилнинг 1 октябрига қадар кечиктирилади.
4. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов киритиш ҳақидаги мажбурий талаб ҳозирги 100 фоиздан 30 фоизгача пасайтирилади.
5. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан лойиҳалар сонидан қатъи назар, ижобий кредит тарихига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун бериладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 75 фоизидан ошмаган, бироқ 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда кафиллик; тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан миллий валютада берилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация, унинг белгиланган миқдорларини сақлаб қолган ҳолда, тақдим этилади. Битта қарз олувчига давлат жамғармаси томонидан бир вақтда ҳам кафиллик, ҳам компенсация беришга қўйилган чеклов бекор қилинади.
6. Аҳоли, мураккаб вазиятга тушиб қолган ЯТТ ва корхоналарнинг 12 трлн сўмлик кредитлари бўйича кредит мажбуриятларини бажариш муддатлари узайтирилади.
7. Йил охиригача ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилганда божхона йиғими ва акциз солиғи ундирилмайди. Кўп болали оилаларга, болага қараш ва моддий ёрдам учун тўланадиган ва шу йилнинг март-июнь ойида муддати тугайдиган нафақалар автомат тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади, бунда ҳужжатларни тақдим этиш шарт бўлмайди. Карантин даврида кексалар ва ногиронлиги бор шахслар 18 турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарлари билан бепул таъминланади.
8. Уйда амалга ошириладиган фаолият турларини қўллаб-қувватлаш кенгаяди. Бу йил ушбу соҳага ҳунармандлар учун 50 млн доллар маблағ ажратилади.
Шарҳлар