Шавкат Мирзиёев Маҳалла ва оила ишлари бўйича вазирлик ташкил қилишни таклиф этди
Янги вазирлик маҳалладан тортиб республика даражасигача 40 мингдан ортиқ ходимни бирлаштиради.
«Вазирнинг биринчи ўринбосари оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалаларга масъул этиб белгиланади. Вазирнинг яна бир ўринбосари кексаларни ижтимоий рағбатлантириш, ёшларда ватанпарварликни мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланади. Оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш, томорқа ва ободонлаштириш, экология, бандликка кўмаклашиш масалаларига масъул ўринбосар лавозими жорий этилади», – дея қайд этилади президент матбуот хизматининг хабарида.
Вазир – “Маҳалла” жамғармасига, вазирнинг биринчи ўринбосари – “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш” жамоат фондига, Кексалар ва фахрийлар бўйича ўринбосар “Нуроний” жамғармасига раисликни ҳам бажаради.
Вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари ҳоким ўринбосари ҳисобланади. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ҳудудлардаги ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари даражасига кўтарилади. Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан узвий ҳамкорликда ишлайди.
Янги тузилмада хотин-қизлар билан ишлашга устувор аҳамият қаратилади. Шу вақтга қадар хотин-қизлар қўмиталарида, маҳаллаларда меҳнат қилиб келган аёллар тузилмада фаолиятини давом эттиради, уларнинг мавқеи, моддий шарт-шароитлари ва иш ҳақи ҳам сезиларли оширилади.
Маҳалла раисининг ваколат муддати уч йилдан беш йилга ўзгартирилади. Унинг уч нафар ўринбосари лавозими жорий этилади. Профилактика инспектори эндиликда маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлайди. У ҳам 5 йил муддатга тайинланади.
Маҳаллалардаги турли йўналишлар бўйича ташкил этилган, бироқ кутилган самарани бермай келаётган 12 та жамоатчилик комиссия ва тузилмалари ҳам оптималлаштирилади. Жорий йил 1 мартдан маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ойлик иш ҳақи ўртача 1,35 бараварга оширилиши бегиланди.
Фуқаролар йиғинларининг фаолиятига хос бўлмаган 50 дан ортиқ вазифа бекор қилиниши, профилактика инспекторларига юклатилган ортиқча топшириқлар ҳам кескин қисқартирилиши белгиланди.
Шунингдек Президент 22 март санасини “Маҳалла тизими ходимлари куни” деб эълон қилишни таклиф этди.
Шарҳлар