Шавкат Мирзиёев онкология соҳасида қарор қабул қилинишини эълон қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев аёлларнинг ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини муҳокама қилишга бағишланган йиғилишда онкология соҳасидаги муаммолардан хавотирда эканлигини айтди, деб ёзади “Газета.uz”.
“Онкология соҳасидаги муаммолар мени ташвишга солмоқда. Яқинда янги қарор чиқади. Бу соҳада кўплаб муаммолар тўпланиб қолган. Сўнгги 10-15 йил ичида биз ушбу соҳадаги жиловни қўйиб юбордик”, – деди давлат раҳбари.
Бир неча кун олдин Онкология ва радиология маркази Тошкент филиалининг бир гуруҳ шифокорлари Президентга қилган мурожаатида тиббиёт муассасаси раҳбарияти томонидан коррупция фактларини эълон қилишди. Уларнинг сўзларига кўра, марказ директори беморларнинг маблағларини ўзлаштирган, ноёб дори-дармонларни ноқонуний равишда сотган ва патологоанатомия бўлими биносини хусусий компанияга берган. Бош прокуратура Чилонзор тумани прокуратураси томонидан аллақачон жиноят иши қўзғатилганлигини хабар қилди.
Аввалроқ, "Ezgu Amal " хайрия жамғармаси президентга очиқ хат билан мурожаат қилганди, мурожаатда Ўзбекистонда саратон касаллигига чалинган болаларнинг тирик қолиш даражаси 20-30 фоизни ташкил этгани, Ғарб мамлакатларида эса бу кўрсаткич 70-80 фоизни ташкил этгани таъкидланган.
Январь ойи бошида биз бир йилдан бери керакли муолажани ололмаётган бачадон бўйни саратонига чалинган аёлнинг ҳикоясини эълон қилгандик.
Шарҳлар