Шавкат Мирзиёев от спортини ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади
Шавкат Мирзиёев “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қуйидагилар асосий ривожлантириш йўналишлари этиб белгиланди:
– мамлакатда от спортини ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турларини аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли ёшларни танлаш, саралаб олиш (селекция) ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;
– от спорти ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турлари бўйича профессионал тренерлар, ҳакамларни тайёрлаш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, от спортининг илмий-методологик базасини янада кучайтириш;
– Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жисмоний тайёргарлик машғулотларига босқичма-босқич от спорти ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турларини киритиш;
– бошқалар.
Ҳужжатда Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида от спортини ривожлантириш, наслли ва зотдор отларни кўпайтириш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий туристларнинг дам олишини ташкил қилиш учун зарур инфратузилма объектларидан (ипподром, стадион, сузиш ҳавзаси, меҳмонхона, даволаш-соғломлаштириш мажмуаси, кафе, ветеринария дорихонаси, ўқув маркази, спорт ва зотдор отлар учун ветеринария клиникаси) иборат кўп тармоқли спорт мажмуаларини давлат-хусусий шериклик асосида барпо этиш белгиланди. Қашқадарё вилояти республикада от спортини ривожлантириш бўйича етакчи ҳудуд сифатида белгиланди.
Қарорга кўра от спортига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар ҳамда республика олий спорт маҳорати мактабларида ноёб зотдор спорт отларини кўпайтириш учун Давлат бюджетидан уч йил давомида 5 миллиард сўмгача маблағ ажратиш ва устувор равишда республика от заводларида кўпайтирилган ноёб зотдор спорт отлари ҳисобидан таъминлашни йўлга қўйилади. Ҳар бир олимпия захиралари коллежида 2021-2025 йиллар давомида от спорти бўлимларини ташкил этилади.
2021 йил 1 апрелдан бошлаб от спортини ривожлантиришда катта аҳамият касб этадиган “зоотехник”, “ветеринар-шифокор”, “фельдшер-ветеринар”, “уста-чавондоз”, “от парваришловчи”, “тақачи” мутахассисликлари учун шифокор, ҳамшира, тренер ва спортчиларга тенглаштирилган даражада ойлик маошлар тўланади.
2021-2022 йилларда Ўзбекистон поло федерациясининг “Universal Jumping Agro” МЧЖ томонидан Тошкент вилояти, Қибрай тумани, “Мевазор” МФЙ ҳудудида замонавий кўп тармоқли спорт комплекси ҳамда маҳаллий ва хорижий туристларнинг дам олишини ташкил қилиш учун ёпиқ сузиш ҳавзаси, меҳмонхона, даволаш-соғломлаштириш муассасалари, савдо-кўнгилочар ва дам олиш инфратузилмалари, автотранспорт воситалари турар жойлари,
ипподром, стадион, енгил атлетика билан шуғулланиш учун
майдон ва бошқа объектларни барпо этади.
Қуйидагилар ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида барпо этиладиган замонавий кўп тармоқли спорт мажмуасининг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
– йилқичиликда наслчилик ишларини такомиллаштириш йўли билан ноёб зотли спорт отларини кўпайтириш;
– ёш авлод чавандозларини тарбиялашга йўналтирилган от спорти мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда миллий от спортининг халқаро довруғини ошириш.
Бош саҳифадаги фотосурат: Ўзбекистон президентининг Facebook-саҳифаси
Шарҳлар