Солиқ кодексининг янги таҳририга 70 дан ортиқ тузатиш киритилди
9 декабрь куни депутатлар иккинчи ўқишда «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди. Бу ҳақда Norma.uz хабар беради.
Янги таҳрирда акциз солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланиш учун солиқдан ташқари барча солиқ турлари бўйича ставкаларни белгилаш кўзда тутилган.
Солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини соддалаштириш, ундаги зиддиятлар ва тушунмовчиликларнинг олдини олиш, инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, солиқ назоратининг шакл ва механизмлари, солиқ объектлари, солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритишни таъминлайдиган АКТни кенг жорий этиш билан боғлиқ бир қатор нормалар назарда тутилмоқда
Шунингдек, таҳлика-таҳлил дастури жорий қилинмоқда. Унга мувофиқ барча хўжалик субъектлари муайян мезонлар асосида, хавфлилик даражасига қараб, инсон омилисиз, автоматлаштирилган ҳолда 3 та сегментга (яшил, сариқ, қизил йўлакчалар) ажралади. Хавфлилик даражаси паст бўлган (яшил йўлакча) корхоналарга нисбатан солиқ текширувлари амалга оширилмайди ва ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади. Хавфлилик даражаси ўртача бўлган (сариқ йўлакча) корхоналарга нисбатан фақат камерал солиқ текшируви амалга оширилади ва ушбу корхоналарга хато-камчиликларини бартараф этиш бўйича ҳисоботини тузатиш имкони берилади. Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, бухгалтерия ҳужжатларини ва ҳисобварақ-фактураларини сохталаштириш ҳолатлари аниқланган хавфлилик даражаси юқори бўлган (қизил йўлакча) корхоналарга нисбатан эса, солиқ аудити текшируви тадбирлари амалга оширилади. Натижада, бундай корхоналар доимий назоратда бўлади
Лойиҳада солиқ тўловчилар ҳамда солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқлаштирилди. Солиқ текшируви турлари 13 дан 3 тургача қисқармоқда
Ортиқча тўланган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш ва ортиқча ундирилган солиқ суммаларини ҳисобга олиш механизмлари жорий этилмоқда. Яъни солиқ суммаларини қайтариш муддати кечиктирилган ҳар бир кун учун солиқ органлари томонидан солиқ тўловчига пеня тўланади. Хорижий сайёҳлар учун ҚҚСни “Tax free” тамойили асосида қайтариш жорий этилмоқда. Мулкни (хизматларни) беғараз равишда топширишда тўланадиган ҚҚС бекор қилинмоқда. Давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган давлат корхоналари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25%дан 12%га туширилмоқда.
Шарҳлар