Ўзбекистонда яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича “йўл харитаси» ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича “йўл харитаси"  ишлаб чиқилди

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикасида яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш чора тадбирларини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Norma нашри “Йўл харитаси”ни амалга оширишнинг бешта асосий йўналишини келтиради.

Хуфиёна айланмани қисқартиришга қаратилган бошқарувда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш: ДСҚ ва унинг ҳудудий бўлинмалари тузилмасида (тасдиқланган штат бирликлари доирасида) жисмоний шахсларнинг даромадларини декларация асосида солиққа тортиш, электрон савдони солиққа тортиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва халқаро интеграция бўлимлари ташкил этилади. ДСҚга ҚҚСни ҳисобга олиш ва қайтариш тизимини такомиллаштириш вазифаси топширилди.
 
Давлат статистика қўмитаси таркибида (тасдиқланган штат бирликлари доирасида) яширин иқтисодиётни, яширин ишсизликни баҳолаш ва ҳисобга олиш бўлимларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

 
Иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва маркировкалаш: Мазкур йўналишда тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ билан қамраб олинади, маркировкаланадиган товарлар рўйхати босқичма-босқич кенгайтирилади.
 
Якка тартибдаги тадбиркорларнинг ноқонуний фаолиятини қисқартириш механизмларини, шунингдек электрон тижорат соҳасида фаолият юритадиган субъектларни аниқлаш ва солиққа тортиш механизмини ишлаб чиқиш назарда тутилган. «Case management system» асосида солиқ текширувлари самарадорлиги ва сифатини назорат қилиш тизими ташкил этилади.
 
Иқтисодиётда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажмини ошириш: МБга «Humo» ва «UzCard» тўлов тизимларини интеграциялаш вазифаси топширилди. QR-кодидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган тўловлар сони оширилади, хўжалик юритувчи субъектларнинг В2В тўловлари узлуксиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш тизимига ўтказилади. Кўчмас мулк ва транспорт воситалари бўйича битимларни расмийлаштиришда замонавий банк хизматларидан фойдаланишни кенгайтириш назарда тутилган.
 
 
Банк хизматларининг оммабоплигини ошириш: Бунда «Истеъмол кредити тўғрисида»ги Қонунга истеъмол кредитларини тақдим этиш тартибини соддалаштирадиган ўзгартиришлар киритилади. Нобанк кредит ташкилотларини ривожлантириш назарда тутилган.
 
Ташқи савдода яширин иқтисодиёт улушини сезиларли даражада қисқартириш: 1 августга қадар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси томонидан ташқи савдода яширин иқтисодиётнинг ҳолати таҳлил қилинади ва Вазирлар Маҳкамасига уни қисқартириш бўйича таклифлар киритилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.