Standard & Poor’s Капиталбанкнинг кредит рейтингини оширди

Халқаро агентлик «Капиталбанк» АТБнинг рейтингини “Ижобий” прогнози билан «В-/B» даражагача қайта кўриб чиқди: банк панедмияга қарамасдан яхши кўрсаткичларни намойиш этган кам сонли банклардан бирига айланди, – дейилади S&P Global Ratings хабарида.

«Биз “Капиталбанк” рейтинги бўйича прогнозни “Барқарордан” “Ижобийга” қайта кўриб чиқдик, бунда банкнинг тушумлар манбаларини диверсификациялашни ва операцион фаолият самарадорлигини ошириш ҳисобидан молиявий натижаларни яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатлари инобатга олинди. Бундан ташқари, банк чакана ва корпоратив сегментда бизнеснинг касса-ҳисоб ва транзакцион йўналишини ривожлантиришда давом этаётганини, аввалгидай жисмоний шахсларни таъминотли кредитлашга ихтисослашганини ва капитални ўйлаб бошқаришда давом этаётганини қайд этишимиз мумкин».

«Капиталбанк» кредит портфелининг ўсиши 2020 йилда қарийб 50% ни ташкил қилди, ўз капиталининг рентабеллиги (ROE) эса 17% дан ошди – бу охирги икки йил ичида банк учун рекорд юқори даража. Депозитлар банк ресурсларининг асосий қисмини ташкил қилади – бу қарийб 97%, банк улушига 11% га яқин чакана депозитлар тўғри келади – буни йирик давлат банкларининг кўрсаткичлари билан таққосласа бўлади.

«Капиталбанк» адекват ликвидлик захираларига эга. Бизнинг прогнозларга кўра, банкнинг кредит қобилияти  12-18 ой ичида яхшиланиши мумкин. Бу, агар банк тушумларнинг турғун кўрсаткичларини намойиш этишда ва капитал захирани сақлаган ва активлар сифатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ривожланиш стратегияга мувофиқ бизнес ҳажмларини оширишда давом этса, юз бериши мумкин», – дея хулоса қилади Standard & Poor’s.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.