Straus House асосчиси 9 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида “Straus House” МЧЖнинг бир гуруҳ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар беради.
Суд қарорига кўра, “Straus House” МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисмининг «а», «в» бандлари, 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) нинг 3-қисми, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) нинг 1-қисми, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ва 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга узил-кесил ўташ учун 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Директор А. Махмуталиевга 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, директор ўринбосари Д. Қутпиддиновга 8 йил 5 ойга озодликдан маҳрум қилиш, бош бухгалтер О.Саидовга 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Жиноят иши юзасидан хатланган мол-мулк тегишли тартибда жабрланувчиларга нисбатан етказилган зарарлар ўрнини пропорционал тартибда қоплаш учун қаратилиши белгиланди.
Судланувчилар И. Исроилов, А. Махмуталиев, Д. Қутпиддинов ва О. Саидовлардан солидар тартибда тегишли тарзда давлат фойдасига 222 386 043 сўм ундирилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Straus House мансабдор шахслари жисмоний ва юридик шахслар билан ҳар бири 1,8 млн сўмлик страус жўжаларини 90 кун ичида Африкадан етказиб беришга шартнома туўҳзган. Шартномаларга мувофиқ компания ҳисобрақамига 16,1 млрд сўм, шу жумладан фуқароларнинг кредит маблағлари кўринишида 3,8 млрд сўм ўтказилган. Бироқ Straus House кўрсатилган муддатда 319 та шахс олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган ва 7,2 млрд сўмни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Бизни Facebook саҳифамизда кузатиб боринг
Шарҳлар