Европарламент Арманистоннинг Евроиттифоққа аъзолик учун аризаси масаласида резолюция қабул қилди

Foto: UNN

Европарламент Евроиттифоқ ва Арманистон ўртасида яқин алоқалар ўрнатилиши зарурияти тўғрисида, шунингдек, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик битими ҳақида резолюция қабул қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Ҳужжат қабул қилинишини ёқлаб 504 депутат овоз берди, 4 киши қарши чиқди, 32 нафари эса бетараф қолди.

Резолюцияда Европарламент позицияси кўрсатилган бўлиб, унга мувофиқ, агар Арманистон бирлашмага қўшилиш учун номзод мақомини олишга ариза беришга қизиқса, Евроиттифоқнинг ушбу мамлакат билан муносабатлари ўзгариши мумкин. Қабул қилинган резолюцияда Европарламент депутатлари Евроиттифоқни Арманистонни бирлашма билан ҳамкорликда, шу жумладан Хавфсизлик соҳасидаги шерикликда қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.

Резолюция, шунингдек, Озарбайжонни Тоғли Қорабоғ арманлари билан музокараларга киришиб, “уларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва хавфсизлигини кафолатлаш”га чақирди. Бундан ташқари, ҳужжатда айтилишича, Озарбайжон “ҳибсда қолаётган Тоғли Қорабоғ ва Арамнистон фуқароларининг барчасини озод қилиши” керак.

9 март куни Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян Туркиянинг TRT World телеканали эфирида арман ҳукумати Евроиттифоққа қўшилиш учун ариза беришни фаол муҳокама қилаётганини айтганди. Унинг қайд этишича, ҳозирча ҳеч ким ушбу жараён якуни юзасидан ишонч билан ҳеч нарса дея олмайди. Евроиттифоқ ва АҚШ Арманистондаги демократик ислоҳотларга кўмаклашмоқда, деди у. Мирзоян декабрда ҳам Ереваннинг “Европа томонга интилишлари” ҳақида гапирган ва мамлакат Евроиттифоққа имкон қадар яқинлашмоқчи эканини таъкидлаганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.