Сурхондарё вилоятига янги ҳоким тайинланди
Сурхондарё вилоят Халқ депутатлари кенгаши йиғилиш ўтказди, унда Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳам қатнашди. Бу ҳақда Kun.uz хабар беради.
Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон президенти томонидан вилоят ҳокимлигига Тўра Абдиевич Боболов номзоди тавсия этилган. Номзод бўйича партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилган.
Сессияда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига кўра Тўра Боболовни Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқлаш учун халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашига тақдимнома киритилди. Депутатлар Тўра Боболовни Сурхондарё вилояти ҳокими этиб бир овоздан тасдиқлади.
Фотосуратда: чапда Тўра Боболов
Тўра Боболов 1970 йилда туғилган. 1992 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган, 1994 йилдан 2003 йилгача Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти бошқармасида турли лавозимларда ишлаган, 2003-2004 йилларда Сурхондарё вилояти Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси раиси, 2004-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи, 2016-2017 йилларда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси бошлиғи бўлган. У 2017 йилдан 2019 йил апрелига қадар Сурхондарё вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари эди. 2019 йил 1 май куни Тўра Боболов вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.
Ассалому алейкум. Хурматли Хоким бобомиз, сиздан илтимос бизнинг Шерабод тумани Кухитанг ж/х Чорбог махалласига келиб Махалласининг Махалла раиси олиб бораётган ишларини бир текширинг ва чора куринг. Булмаса ахоли тамонидан олинган ведеолавхаларни Мухтарам Призедентимизнинг портал сайтларига ташлаб ойдинлик киритишини илтимос киламиз. Ахоли ичимлик суви манбаьи сув хавзаларини хамма трубаларини хам, егиштириб олиб кетаябти ахолини тоза ичимлик суви билан таьминлаш урнига нима килаябти бу опа. Ахоли орасида ёш ва замонавий хаётдан хабари бор Ольий тоьфали инсонлар махалла раиси этиб тайинласа хам ёмон булмайди хозир ривожланиш даври мухтарам Хоким бобомиз ёрдам беринг. Огаинбозликга ва лаганбордоликга чек куйилиш вакти келмадимикан?