Сурхондарёда туман аҳолиси йўлни тўсиб қўйди ва шиналарни ёқди

27 декабрь куни Сурхондарё вилоятининг Музрабод туманида жойлашган “Оби ҳаёт” маҳалласининг аҳолиси электр энергияси йўқлигидан норозилик белгиси сифатида йўлни тўсиб қўйди ва шиналарни ёқди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда видеоролик пайдо бўлди. Унда акция “2-сектор штаби” ёзуви ўрнатилган бино олдида ташкил қилинганини кўриш мумкин, деб ёзади Gazeta.uz.

Ушбу ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги муносабат билдирган.  Унга кўра, 25 декабрь куни маҳалладаги қуввати 630 кВА трансформаторнинг ишдан чиқиши оқибатида 26 декабрь куни қуввати 400 кВА бошқа трансформатор ўрнатилган. Аммо электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ортиши натижасида у ҳам ишдан чиққан.
 
Хокимлик ахборотига кўра, «Оби ҳаёт» маҳалласида 545 та хонадон бўлиб, ушбу ҳодиса оқибатида 165 та хонадоннинг электр таъминотида узилиш юзага келган

Муаммони бартараф этиш мақсадида 27 декабрь куни 630 кВА кучланишга эга янги трансформатор ўрнатилиб, аҳоли электр энергия билан таъминланган, дейилади хабарда.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.