Иваново аҳолиси “Крокус”даги терактда гумон қилинаётганлардан бири ишлаган “барбершоп”ни ёқиб юборишни ваъда қилди

Фото: Яндекс Карты

Иваново областида сартарошхона ходимлари ўлим тилаклари ва ўт қўйиш таҳдидларига дуч келишди. “Крокус Сити Холл”даги терактда гумон қилинаётганлардан бири шу ерда ишлаган.

Муассасанинг “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги саҳифасидан олинган скриншотларда постлардан бирининг муаллифи гумондорнинг ҳамкасбларининг уйларига ўт қўйиш билан таҳдид қилмоқда, иккинчиси эса “тез орада сартарошхонангиз Масленицадаги қўриқчи сингари ёниб кетади” деб ёзган. Яна бири исломофоб мем жойлаштирган. Ҳозир бу постлар саҳифадан олиб ташланган, у ердаги шарҳлар ҳам ёпилган.

Муассаса директори Ямина Сафиева “Московский комсомолец” журналистлари билан суҳбатда ўз ҳаёти учун қўрқаётганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, милиция терактда иштирок этганликда гумон қилаётган Муҳаммадсобир Файзов унинг қўлида атиги уч ой ишлаган.

“Кун бўйи бизга қўнғироқ қилишмоқда, таҳдидлар ёзишмоқда, мен ҳаётим учун қўрқяпман. Файзов бизда салкам уч ой ишлади. Ноябрь ойида ишга жойлашди, 11 январда ишдан кетди”, – деб йиғлайди у.

“Бугун эрталаб уйғонсам, даҳшатли хабарлар ёзиб ташлашган, одамлар ўлимни тилаб, менга қўнғироқ қилишяпти. Мен ҳомиладорман, нима қилишни билмайман. Мен кўчага чиқишга қўрқяпман. Энди биз Тергов қўмитасига кўрсатма бериш учун борамиз”, — дея қўшимча қилади у.

Эркаклар гўзаллик салони кичик Тейково шаҳарчасида жойлашган. Файзов у ерга Ивановодан кўчиб келган.

“Биз у ҳақида ҳеч қандай шубҳали нарсани сезмаганмиз. У яхши уста эди, у илгари Ивановодаги сартарошхонада ишлаган. У ёлғиз яшарди, оиласи йўқ эди. Камбағал эмасди, ҳеч нарсага муҳтож эмасди. Унинг қиммат телефони бор эди, ўзини хафа қилдирмасди. Мен одамнинг бошида нима борлигини билмайман. Унинг ҳаракатларида ҳеч қандай ғалати нарсаларни сезмадим”, – дейди Сафиева у ҳақида.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.