Тошкент ҳайвонот боғи хусусий компанияга берилади
Тошкент ҳайвонот боғи Wildlife Care МЧЖ хусусий компаниясининг ишончли бошқарувига берилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг қарорида сўз боради. Бунга Spot.uz нашри эътибор қаратмоқда.
Ушбу компания яқин беш йил ичида ҳайвонот боғига 5 млн доллар маблағ инвестиция қилиши керак. Хусусан, янги вольерларни қуриши, эскиларини реконструкция қилиши, ҳайвонларнинг турларини кўпайтириши, ҳайвонлар учун реабилитация марказини ва ходимлар учун малака ошириш марказини ташкил қилиши, технологияларни жорий этиши зарур. Агар компания шартноманинг барча шартларини бажарса, у ҳайвонот боғини яна 30 йил бошқариши мумкин.
Хайвонот боғини хусусий секторга беришдан мақсад, ҳозир ҳайвонот боғи учун давлат компанияси жавобгар ҳисобланади, шу боис у жаҳон стандартларига жавоб бериш у ёқда турсин, ўз зарарига фаолият кўрсатмоқда (охирги йилларда давлат бюджетидан 22,7 млрд сўм ажратилган).
Wildlife Care ўзи қандай компания?
Компаниянинг 95 фоизи «Falcon hunting solutions» МЧЖ га тегишли, бунга «Ташкент вокруг» каналининг маъмури эътибор қаратмоқда. Компания расмий сайтидаги маълумотларга кўра, у атроф муҳитни ҳимоя қилиш ва биохилмахиллик билан шуғулланади ҳамда “ўлжали овни Ўзбекистон экотуризмининг элементи сифатида ривожлантиради”.
«Falcon hunting solutions» МЧЖ Азизжон Камиловга тегишли бўлиб, компания устав жамғармаси 82 млн сўмни ташкил қилади.
Шарҳлар