Тошкент ва Ромитан туманларида 2,7 млрд сўмлик газ талон-тарож қилингани аниқланди
Тошкент туманида тадбиркор М.М. ўзига қарашли иссиқхонанинг табиий газ қувури 2020 йилнинг октябрида далолатнома асосида тамғаланган бўлсада, уни бузиб, ўзбошимчалик билан газдан фойдаланишда давом этган. Бош прокуратура матбуот хизмати “Газета” нашрига хабар беришича, бунинг оқибатида газ таъминоти корхонасига 1 млрд сўм зарар етказилган.
Ромитан туманидаги ҳолатда эса фуқаро Н.М. ўзининг фермер хўжалигига қарашли дала шийпонида оҳак ишлаб чиқарувчи яширин цех ташкил қилган. У оҳак ишлаб чиқариш учун юқори босимли газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, «Ҳудудгазтаъминот»га 1,7 млрд сўм зарар етказган.
«Ноқонуний равишда фойдаланилган табиий газ куз-қиш мавсумида ҳудуддаги 110 тадан 200 тагача хонадонни узлуксиз газ билан таъминлашга етиши маълум бўлди», – дейилади хабарда.
Ҳолатлар юзасидан ЖКнинг 185-2-моддаси (Газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилди.
Аввалроқ Бош прокуратура электр энергияси, иссиқлик энергияси, газ ва ичимлик сувидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жазони кучайтришни кўзда тутувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва Жиноят кодексига ўзгаришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини муҳокама учун чоп этганди. Унга кўра, жазо чораси 7 йилгача озордликдан маҳрум этишни кўзда тутади.
Бош саҳифадаги фотосурат: Энергетика вазирлиги
Шарҳлар