Тошкентда 16 млрд сўмлик зумрад тошлар контрабандасига чек қўйилди
Тошкентдаги уйлардан бирида 2,5 кг зумрад тош ва эрамизнинг III асрига мансуб битта олтин танга сотаётган беш нафар фуқаро қўлга олинди.
Давлат Божхона қўмитасининг контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари ДХХ билан ҳамкорликда Тошкентда қимматбаҳо тошлар ва эски олтин тангалар контрабандаси ва савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди. Бу ҳақда “UzNews” нашри Божхона қўмитасига таянган ҳолда хабар беради.
Тезкор тадбир давомида олдин кузатув остига олинган беш нафар фуқаро Афғонистондан келтирилган, умумий оғирлиги 2,531 кг бўлган зумрад тошларни 500 минг долларга ҳамда битта қадимий олтин тангани 10 минг долларга пуллаётган пайтда Чилонзор туманидаги квартиралардан бирида қўлга олинди.
Экспертларнинг хулосасига кўра, сотилишининг олди олинган олтин танга эрамизнинг III асрига мансуб бўлиб, Кушон шоҳлигида зарб қилинган. Бундан ташқари, қўлга олинган фуқаролардан бирининг кармонидан учта бриллиант тош чиққан.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қимматбаҳо тошлар ва қадимий олтин тангаларнинг умумий қиймати 16 млрд 818 млн сўмни ташкил қилади. Айни пайтда жиноятга алоқаси бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросига йилига 10 та контрабанда сигаретаси тўғри келиши ва божхона улардан фақат биттасини аниқлаши ҳақида ёзгандик.
Шарҳлар