Тошкентда 19 майдан бошлаб ҳайдовчиларнинг ҳужжатларини онлайн текширишни тестдан ўтказиш бошланди

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ID-карталари мавжуд ҳайдовчилардан бир қатор ҳужжатлар талаб қилинмайди, дея хабар беради Sputnik нашри ИИВ ЙҲХББ матбуот хизматига таянган ҳолда.
 
19 майдан бошлаб ҳужжатларни ID-карта ёрдамида текшириш амалиёти Тошкент шаҳрида синов тариқасида жорий этилди.
 
Агар ҳайдовчининг ID-картаси бўлса, қуйидаги ҳужжатларни ундан талаб этиш тартиби бекор қилинади:
 
– автотранспорт воситасини бошқариш учун нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома;
– автомототранспорт техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот;
– автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга, яъни қорайтиришга рухсатнома.

Таъкидланишича, "e-Protokol" ахборот тизими такомиллаштирилиб, йўл патруль ходимларига хизматда фойдаланиш учун бириктирилган планшетлар ёрдамида ID-картани ўқиш орқали фуқаронинг маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилди.
 
Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан шахсни идентификациялашнинг ягона механизмини жорий этиш бошланган ва 2030 йилгача паспортларни ID-карталарга алмаштириш режалаштирилган. ID-карталар фақат Ўзбекистон ҳудудида амал қилади. Мамлакатдан ташқарида саёҳат қилиш учун чет элга чиқишда Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспорти (хорижга чиқиш паспорти) талаб қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.