Тошкентда болалар майдончасида бола нобуд бўлиши ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилди
Тошкентнинг Бектемир туманида 8 ёшли боланинг болалар майдончасида ҳалок бўлиш ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилди, деб ёзади “Даракчи” нашри.
Ҳодиса 17 апрель куни болалар ўйин майдончасини ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган 1, 2 ва 3-уйлар ҳовлисидаги “Водник-1” даҳасида содир бўлган.
Ободонлаштириш хизмати ходимлари майдонни тегишли меъёрлар асосида тўсмаганлиги ва бунинг оқибатида 8 ёшли боланинг устига арғимчоқ устуни қулаб, воқеа жойида вафот этгани айтилмоқда. Бола темир горка устунига тегиб кетган, у боланинг устига ағдарилган ва босиб қолган. Бола воқеа жойида оғир бош жароҳатидан ҳалок бўлган. Ҳозир унинг оиласи прокуратура ва президент аппаратидан ушбу ишларни амалга ошириш учун масъул бўлган шахсларга нисбатан чора кўришни сўрамоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисмининг «а» банди (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлишига олиб келса) билан жиноий иш очилган.
Ҳолат юзасидан бир қатор экспертизалар тайинланган. Тергов давом этмоқда.
Шарҳлар