Тошкентда ноқонуний сотилган 2 тонна спирт учун жиноий иш қўзғатилди
Тошкент шаҳри Учтепа туманида 2 тонна этил спирти ва 1 тонна хлорни ноқонуний сотаётганлар ушланди, деб ёзади «Дарё» нашри Бош прокуратурага таянган ҳолда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учтепа тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида «Д.» хусусий корхонаси раҳбари М.Н. уч нафар шахс билан олдиндан тил бириктириб, қўлбола усулда антисептик маҳсулоти ишлаб чиқариш учун мўлжалланган 2 тонна этил спирти ҳамда 1 тонна хлорни 57,3 миллион сўмга харидор Х.га сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан «Д.» хусусий корхонаси раҳбари М.Н. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси 2-қисми (Этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) ва 228-моддаси (Ҳужжатларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Telegram каналимизга обуна бўлинг
Шарҳлар