Тошкентдаги Инха университетига кириш имтиҳонлари илк бор онлайн тарзда ўтказилади
COVID-19 пандемияси сабабли 2020-2021 ўқув йилига кириш имтиҳонлари илк бор онлайн режимда ўтказилади. Бу ҳақда Тошкентдаги Инха университетининг матбуот хизмати хабар беради.
Корея томон билан биргаликда ишлаб чиқилган янги қоидаларга кўра, абитуриентлар 23 июнь куни “Компьютер ва дастурий инжиниринг” ва “Логистика” факультетларига кириш имтиҳонларини ZOOM иловаси ёрдамида онлайн-режимда топширадилар.
«Бу йил имтиҳон топшириш учун интернет, компьютер ва смартфон керак бўлади. Абитуриентлар ZOOM га бир вақтда телефон орқали киришлари, компьютердан эса имтиҳон топшириғини юклаб олишлари керак бўлади. Бу йил математикадан 6 та савол бўлади, улар 30 дақиқа ичида ёзма равишда ечилиши лозим. Вақт бўлганида варақ кузатувчига ZOOM орқали кўрсатилади, кейин бу варақ смартфонга суратга олинади ва текширувчи комиссияга юборилади. Текшириш пайтида ZOOM орқали кўрсатилган нусхалар ва почтага юборилган нусхалар таққосланади. Ёзма имтиҳондан кейин абитуриентлар инглиз тилида қисқа онлайн-интервьюдан ўтади», – дейди Тошкентдаги Инха университетининг молиявий масалалар бўйича бош менежери Рустам Казаков.
Айтиш жоизки, ZOOM орқали имтиҳон топширилиши Жанубий Кореядаги Инха университети вакиллари томонидан кузатиб борилади. Тошкентда олий ўқув юртидан ҳеч ким кузатувларга қўйилмайди. Дастлабки маълумотларга кўра, имтиҳонда Корея университетининг 32 та вакили ишлайди, ҳар бир кузатувчига тахминан 15 та абитуриентдан. Жами бу йил биринчи имтиҳонга 482 та абитуриент рўйхатдан ўтган.
Имтиҳон пайтида хонада абитуриентнинг ўзидан бошқа ҳеч ким бўлмаслиги керак. Шунингдек атрофга, юқорига, пастга қарашга рухсат берилмайди – бу қоидаларнинг бузилиши сифатида баҳоланади ва имтиҳондан чиқариб юбориш билан якунланади. Шу ва бошқа кўплаб масалалар абитуриентларга консультация куни – 22 июнда тушунтирилади.
Шарҳлар