Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси бўйича статистика маълумотларида яна тафовутлар аниқланди
Шу йилнинг саккиз ойи учун Тожикистон-Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмасининг умумий ҳажми $317 млн.ни ташкил қилди, дея хабар беради Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси.
Ўзбекистондан Тожикистонга амалга оширилган экспорт миқдори 255,1 млн.ни, Тожикистон импорти эса $61,9 млн.ни ташкил қилганлиги қайд этилади.
Бу орада Тожикистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, январь-август ойларида Тожикистон-Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмасининг умумий ҳажми $217 млн.ни ташкил қилган, деб ёзади «Азия-Плюс» нашри.
Хусусан, қўшни мамлакатга $52,9 млн.лик маҳсулот экспорт қилинган ва $164,6 млн.лик товар импорт қилинган. Тожикистон статистика идорасининг қайд этишича, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 6,1% га қисқарган.
Бу икки мамлакат статистика маълумотларида катта фарқ қайд этилган биринчи ҳолат эмас. Худди шундай вазият жорий йил бошида кузатилганди. Ўшанда Тожикистон статистика агентлиги мамлакатда ташқи савдо айланмаси товарлар ва халқаро хизматлар бўйича алоҳида ҳисобланишини қайд этганди. Икки мамлакат ўртасида товарлар импорти-экспорти бўйича маълумотларни ҳисоблашда Ўзбекистон маълумотлари билан тафовутлар қайд этилмаган.
Шарҳлар