ЎМБ Sumitomo Mitsui молия гуруҳи билан 200 млн долларлик келишув имзолади

ЎМБ Sumitomo Mitsui молия гуруҳи билан 200 млн долларлик келишув имзолади

2019 йил 16 декабрь куни Токиода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Японияга расмий ташрифи арафасида, Ўзбекистон-Япония бизнес-форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (ЎМБ) ва Япониянинг йирик банк-молия конгломератларидан бири Sumitomo Mitsui Financial Group (SMFG)  ўртасида умумий қиймати 200 млн долларлик Ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди.

Келишувнинг асосий афзалликлари:

– япон йеналарида молиялаштиришнинг қайишқоқ, оптималлаштирилган ва манфаатли шартлари,
– экспорт-кредит агентликларининг, шу жумладан Япониянинг «НЭКСИ» суғурта агентлигининг суғурта қопламаси мавжудлиги, бу давлат кафолатини тақдим этишни талаб қилмайди,
– инвестицион лойиҳаларни, нафақат Япониядан, балки SMFG бўлинмаларининг кенг тармоғи мавжуд бўлган дунёнинг бошқа мамлакатларидан ҳам юқори технологик ускуналар ва хизматларни етказиб беришни молиялаштириш имконияти.

Бугунги кунда ЎМБ томонидан умумий қиймати 157,9 млн долларлик лойиҳалар рўйхати шакллантириб бўлинган, шу боис имзоланган келишув ушбу лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилишига кўмаклашади. Лойиҳаларнинг амалга оширилиши эса Ўзбекистон экспорти ҳажмини 80 млн доллардан ортиқ миқдорга ошириш ва 3300 дан зиёд иш ўринларини яратиш имконини беради.

Японияга олий даражадаги расмий ташриф Ўзбекистон-Япония муносабатларини ривожлантиришда сифат жиҳатдан янги босқичга айланди. Икки томонлама келишувларнинг, шу жумладан ЎМБ ва SMFG ўртасидаги Ҳамкорлик тўғрисидаги келишувнинг амалга ошиши, шубҳасиз инвестициялар, савдо ва технологиялар соҳасида самарали ҳамкорлик қилиш ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш каби устувор вазифаларни ҳал этишга муносиб ҳисса қўшади.
 
Маълумотнома: Sumitomo Mitsui Financial Group (SMFG) — 2002 йил декабрь ойида Sumitomo Mitsui Banking Corporation томонидан ташкил қилинган Япониянинг йирик банк корпорациясидир. У катталиги бўйича Японияда иккинчи банк ҳисобланади. SMFGнинг умумий капитали $104,3 млрд. эквивалентни, активлари эса $1,94 трлн.ни ташкил қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.