UzAuto Motors автомобилларини Тожикистонда ишлаб чиқариш бошланади

Ўзбекистон-Тожикистон ҳудудлараро биринчи инвестицион форуми давомида Auto Motors Tadjikistan компанияси билан  UzAuto Motors енгил автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил қилиш ҳақида келишув имзоланди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар беради.

Мазкур лойиҳа 2021 йилнинг 21 апрел куни Тожикистон Республикаси саноат ва янги технологиялар вазири – Шерали Кабирнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган.

Унга кўра, 2021 йилнинг 5-7 май кунлари “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан ишчи гуруҳ Тожикистон Республикасида бўлиб, ҳамкор “АлюминСохтмон” компаниясининг ишлаб чиқариш қувватини ўрганиб, қўшма корхона яратиш бўйича музокаралар олиб бориб қайтди.

Умумий қиймати 2 млн доллар бўлган ушбу лойиҳанинг ишлаб чиқариш қуввати бошланғич босқичда 10 000 та автомобилни ташкил қилади, кейинчалик уни 35 000 тагача ошириш режалаштирилган.

Фотосурат: Kun.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.