Ўзбек пахтасининг қиймати Нью-Йорк биржасидаги котировкадан келиб чиққан ҳолда белгиланади
Ўзбек пахта толасининг бошланғич нархи сотувчи томонидан Нью-Йорк товар биржаси фьючерси котировкасининг қийматидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича шошилинч чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида сўз боради, деб ёзади “Фергана” нашри.
Прогнозларга кўра, халқаро биржа нархларига ўтиш хомашёнинг таннархини 10% га камайтириш имконини беради. 1 апрелгача ички бозорда сотилган пахта толаси учун якуний тўлов муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилди.
2021 йил 1 январдан бошлаб пахта ипи ва трикотаж матосини Ўзбекистон божхона чегараси орқали олиб чиқишда ҳар бир килограмм учун $0,01, 2022 йилдан – $0,05, 2023 йилдан $0,1, 2025 йилдан эса $0,2 миқдорида йиғим ундирилади.
Қўшилган қиймат солиғи тўқимачилик корхоналари томонидан экспорт қилинадиган товарлар мамлакатни тарк этиши биланоқ тўлиқ ҳажмда қайтарилади. Тармоқ учун муҳим ҳисобланган 64 та хомашё тури божхона божларидан озод этилди. Бундан ташқари, тайёр маҳсулот экспортини ошириш, йирик – ишчилари сони камида 1000 кишини ташкил этувчи ҳамда халқаро брендлар остида ишлайдиган замонавий тўқимачилик ва тикувчилик кластерларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Шарҳлар