«Ўзбекгидроэнерго»: акциядорлик жамияти Сардоба сув омбори қурилишида қатнашмаган

«Ўзбекгидроэнерго»: акциядорлик жамияти Сардоба сув омбори қурилишида қатнашмаган

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ вакиллари 1 май куни дамба ўпирилиши юз берган Сардоба сув омбори қурилиши учун ташкилот жавобгар эмаслигини билдирмоқда. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарда айтилади.

«Ушбу нохуш вазиятдан фойдаланган ҳолда, сўзда ботир, амалда қўлидан бир иш келмайдиган баъзи бир қўштирноқ ичидаги “ҳамюртларимиз” томонидан табиий офатдан бошқача тус берилган шаклда масъул идора ва ташкилотларга лой чаплаш, бўҳтон қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Халқимизга кимнидир айбдор қилиб кўрсатиш, асоссиз равишда мағзавани ағдариш, бу йўлда, оила аъзоларини ҳам аралаштиришдан нима наф бор?! Бундан ким манфаатдор?!”,  – дейилади хабарда.

Сардоба сув омбори 2010-2017 йиллар давомида қуриб битказилган. Объект буюртмачиси – Сув хўжалиги вазирлиги (собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги). Ташкилот берган маълумотларга кшоа, бош пудратчи сифатида “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонаси қатнашган.

 «Шунингдек объектда 10 дан ортиқ субпудратчи ташкилот билан бир қаторда «Резаксой Сув Қурилиш» МЧЖ (ҳозирги «To’palang HPD Water Construction» МЧЖ) ҳам қатнашган бўлиб, у қурилиш жараёни давомида ўзига ажратилган қисмдаги қурилиш ишларини бажарган. Ушбу МЧЖ томонидан бажарилган иш тегишли комиссия томонидан тегишли тарзда қабул қилиб олинган. Биз Сардоба сув омборининг авария содир бўлган қисмида  «To’palang HPD Holding» МЧЖ қурилиш ишларини олиб бормаганини, Ислом Абдуғаниевич Абдураҳмонов эса 2010-2017 йилларда умуман «To’palang HPD Holding» МЧЖ ва унинг филиалларида ишламаганини таъкидлашни истардик», – дейилади хабарда.

Ташкилотнинг қайд этишича, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ 2017 йил 18 майда Ўзбекистон Республикаси президентининг ПФ-5044-сонли фармони асосида ташкил қилинган.

«Шундай қилиб, айтиш мумкинки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Сардоба сув омбори қурилиши учун масъул бўлмаган ва унда қатнашмаган. Сардоба сув омбори фаолиятининг назорати “Давсувхўжаликназорат” давлат инспекцияси томонидан олиб борилади. Юқорида баён этилганларни инобатга олган ҳолда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ахборот асоссиз ва нотўғри эканини билдирамиз», – дея хулоса қилади ташкилот.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.