Uzbekistan Airways хизмат кўрсатишнинг гибрид моделига ўтишни режалаштирмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни “Uzbekistan airways” ҳамда “Uzbekistan airports” акциядорлик жамиятларини трансформация қилиш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишди. Янги бизнес стратегиясига кўра, қатновлар гибрид усулга ўтказилиб, тўлиқ хизматлар ва бюджет хизматлар модели бўйича амалга оширилади. Талаб кам бўлган йўналишларда бизнес класс бекор қилиниб, ўриндиқлар сони кўпайтирилади.
 
“Uzbekistan airways” акциядорлик жамияти харажатларини 46,5 миллион долларга қисқартириш ҳисоб-китоб қилинган: бунинг учун компания ва унинг таркибидаги ташкилотларда иш ўринларини оптималлаштириш, фойдаланилмаётган 12 та самолётни тасарруфдан чиқариш, авиачипталарни хорижда сотиш бўйича агентлар комиссияси фоизини тушириш мўлжалланмоқда.
 
Шунингдек, даромадларни йилига 40 миллион долларга кўпайтириш мақсад қилинган: бунинг учун талаб юқори бўлган шаҳарларга чартер парвозларни ва янги йўналишлар бўйича карго ташувларини амалга ошириш, барча маҳаллий рейсларга онлайн рўйхатдан ўтиш ва жойларни танлаш имкониятини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
 
Шу йил учинчи чоракдан бошлаб 4 та А-320 самолётида лоукостер, яъни арзон қатновлар ташкил этиш мўлжалланган. Узоқ масофали йўналишларни ривожлантириш учун 3 та А321 NEO LR “ҳаво кемаси”ни лизингга олиш, маҳаллий авиақатновлар сонини ҳафтасига ҳозирги 17 тадан 49 тагача ошириш режалаштирилган.

Бош саҳифадаги фотосурат: Uzbekistan Airways

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.