Ўзбекистон Афғонистонда ҳокимиятни бўлиш тўғрисидаги келишув имзоланишини қутлади
Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳокимиятни ўзининг сиёси й рақиби Абдулла Абдулла билан бўлишиш тўғрисидаги келишувни имзолади, дея хабар берди BBC рус хизмати.
Ўтган сентябрь ойида ўтказилган президентлик сайловларидан кейин бирданига иккита номзод президентлик қасамёдини қабул қилганди: амалдаги президент Ашраф Ғани ҳам, мамлакат бош вазири Абдулла Абдулла ҳам ғалаба ҳақида эълон қилди.
Афғонистон Марказий сайлов комиссияси сайловларда бироз узилиш билан Ғани ғолиб чиққанини билдирди, аммо Абдулла овоз бериш натижалари қалбакилаштирилган деб ҳисоблади.
Ғани ва Абдулла бир вақтда инаугурация маросимини ўтказган март ойидан бошлаб сиёсатчилар келишишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозир улар Ғани президент бўлиб қолишини, Абдулла эса ҳукуматда давлат раҳбари сингари худди шу миқдорда вазирларни тайинлаш ҳуқуқини олишини кўзда тутувчи келишувни имзолашди.
Ўзбекистон Афғонистоннинг сиёсий етакчилари томонидан Инклюзив ҳукуматни ва Миллий муроса олий кенгашини яратиш ҳақидаги Келишувга эришилганини қутлайди, дея хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
«Ўз томонидан, Ўзбекистон бундан кейин ҳам Афғонистон халқи билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда давом этади, афғонлараро сиёсий жараённи ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва тинч ва фаровон Афғонистонни барпо этишга ҳар томонлама ёрдам беради», – дейилади хабарда.
Бош саҳифадаги фотосурат: AFP
Шарҳлар