Ўзбекистон илк бор матбуот эркинлиги рейтингида Қозоғистонни ортда қолдирди
“Чегарасиз репортёрлар” Халқаро ноҳукумат ташкилотининг рейтингида Ўзбекистон ўтган йил билан солиштирганда 4 банд юқорига кўтарилди ва 156-ўринни эгаллади. Рейтингда жами 180 та мамлакат мавжуд бўлиб, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ушбу рейтингда 13 позицияга кўтарилди. Рейтингда Ўзбекистондан кейин Қозоғистон келмоқда (157-ўрин).
«Шунга қарамасдан, олий ҳокимиятни танқид қилиш ҳақида ҳамон сўз бориши мумкин эмас. Ҳокимият оммавий ахборот воситаларини чеклайдиган қонунларнинг ислоҳотларини ўтказишга шошилмаяпти. Назорат, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳамон мавжуд , ОАВ устидан сезиларли назорат сақланиб турибди. Блогерларга аввалгидай таҳдидлар қилинади ёки улар ҳибсга олинади», — дейилади маърузада.
АОКА раҳбари Дилшод Саиджонов Ўзбекистоннинг ушбу рейтингдаги позициясига изоҳ беради.
«Ўзбекистонда “Чегарасиз репортёрлар” ташкилотининг таҳлилида кўрсатилганидан ҳам анча кўпроқ иш қилинганини қайд этишни муҳим деб ҳисоблаймиз, 2020 йилда ҳам қилиш режалаштирилмоқда. Агар ушбу халқаро ташкилот имкони бўлиши билан Ўзбекистонга ташриф буюрса ва ўз саволларига, шу жумладан АОКАдан ҳам жавоблар олса, бунга ўзи ишонч ҳосил қилиши мумкин», – дейилади хабарда.
Шарҳлар