Ўзбекистон Президенти “Марказий” маҳалласида бўлди
Шавкат Мирзиёев маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси ва маҳалла гузари барпо этилган «Марказий» маҳалласига ташриф буюрди. Бу ерда йиғин ходимлари, профилактика инспектори ва аҳоли учун барча шароит яратилган. Маҳалла раиси, котиб, маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар ажратилган, улар компьютер, мебель, тегишли адабиётлар билан таъминланган. Профилактика инспектори хонасида маҳалладаги жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари орқали ҳудудни назорат қилиб туриш имкониятини берувчи монитор ўрнатилган.
Маҳалла тўғрисида қонун, шароит бор, лекин маҳалла раисининг жавобгарлиги, қуйи тизим йўқ эди, деди давлат раҳбари. Энди маҳалла фуқаролар йиғинига катта ваколат ва имкониятлар берилди. Маҳалла раиси маслаҳатчилар билан бирга ўз ҳудудининг эгаси бўлиб, ҳар бир хонадондаги ҳолатни, одамларнинг талабларини билиши ва унга кўмак бериши керак.
Маҳалла идораси аҳоли билан янада яқин бўлиши учун уларни мактаблар биносида жойлаштириш мумкинлиги, бу ёшлар тарбияси, ҳамжиҳатлик ва тартиб-интизомни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Шу ерда ички ишлар тизими томонидан олиб борилаётган профилактика ишлари, «Хавфсиз дам олиш» концепцияси ҳақида маълумот берилди.
Президент Тошкент вилояти, жумладан, Паркент туманида туризмни ривожлантириш учун улкан салоҳият борлиги, бунинг учун дам олувчилар ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, одамларни шу йўналишда оилавий тадбиркорликка ўргатиш кераклигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев маҳалла гузарида фаолият юритаётган тикувчи ва касаначи аёллар билан суҳбатлашди.
Шарҳлар