Ўзбекистон президенти Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазиятни икки мамлакат раҳбари билан муҳокама қилди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат раҳбарлари Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилдилар, дея хабар беради Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.

«Ўзбекистон Президенти юзага келган вазиятни тез фурсатда ҳал қилиш ва унинг кескинлашувига йўл қўймаслик бўйича Тожикистон ва Қирғизистон томонлари эришган келишувларни қўллаб-қувватлади», – дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев “мавжуд барча масалалар дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатлари руҳида, фақат музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилиниши муҳим” эканини таъкидлади.

29 апрель куни Қирғизистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни олиб кетиш ҳақида келишиб олди.


Фотосуратда: Қирғизистоннинг эвакуация қилинган аҳолиси/Қирғизистон ФВВ

Тожикистон билан чегарадош ҳудудлардан Қирғизистоннинг Боткен вилояти Лайлак туманида истиқомат қилувчи 13 минг 500 нафар фуқаро эвакуация қилинганди. Қирғизистон ФВВнинг маълумотларига кўра, бир нечта қишлоқда 17 та уй, мактаб, 10 та ёнилғи қуйиш станцияси, 8 та дўкон, 1 та чегара заставаси ва битта ёнғин-қутқарув қисми ёқиб юборилган.
 
30 апрель куни соат 13.16 да Тожикистон ва Қирғизистон бир-бирини отишмалар тикланганида айблаётгани маълум бўлди.

Низо 28 апрель куни бошланган. Ўша куни икки мамлакатнинг 100-150 нафар фуқароси бир-бирини тошбўрон қилган. Низога “Головной” сув тақсимлаш пунктидаги ишлар сабабчи бўлган.
 
30 апрель  соат 7:50 ҳолатига кўра, 13 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлгани маълум бўлди, уларнинг орасида 2008 йилда туғилган қизча ҳам бор. Жами 134 нафар жабрланган фуқаро ҳақида хабар қилинади. Шунингдек, Тожикистон томонидан ҳам жабрланганлар борлиги айтилади. “Азия-Плюс” нашри ўз манбаларига таянган ҳолда 90 дан ортиқ жабрланган ва 10 та ҳалок бўлган фуқаро ҳақида хабар берган. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.