Ўзбекистон. Шу соат янгиликларини ўқинг
Коронавирусга чалинишлар сони 2620 тага етди, 2077 нафар киши соғайди. Ушбу хабарда коронавирус мавзуси бўйича шу соатга тўпланган янгиликларни ўқишингиз мумкин, расмий ахборотни эса бу ерда кузатиб бориш мумкин.
Самарқандда Covid-19 га чалинган 11-бемор оламдан ўтди
Тойлоқ туманида истиқомат қилувчи У. 9 май куни бурнидан қон кетган ҳолда ва оғир ҳолатда касалхонага ётқизилганди. Унда COVID-19 аниқланди.
Бундан олдин бемор сурункали буйрак етишмовчилиги ва оғир даражали анемия диагнози билан диспансер ҳисобида турган. Шунингдек унга иккинчи гуруҳ ногиронлиги берилган.
28 апрелдан 5 майгача у кўрсатилган диагноз билан тиббий муассасаларда даволанган ва мунтазам диализ сеансларини олган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан фуқаро ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этган.
Ўзбекистонга 1200 дан ортиқ фуқаро қайтди
Ўзбекистон ТИВ тарқатган хабарга кўра, 8-12 май кунлари чартер рейслари билан 1243 нафар ўзбекистонлик Дубай, Минск, Сеул, Деҳли, Франкфурт ва Москва шаҳарларидан ватанига қайтган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентдаги 1-шаҳар касалхонаси олдида тез ёрдам машиналари тўпланишига изоҳ берди
ССВ тарқатган хабарга кўра, тез ёрдам машиналари аэропортдан етиб келган. 10 май куни соат 23.00 да 263 нафар ўзбекистонлик Деҳлидан махсус чартер рейси билан Тошкентга олиб келинган.
«140 нафар йўловчи мураккаб жарроҳлик амалиётидан ўтган бўлиб, жиддий касалликлардан даволанмоқда. Шу боис улар тез ёрдам машиналарида Тошкентдаги 1-клиник касалхонага етказилган. Бу ерда улар даволанишни давом эттиради ва бир вақтнинг ўзида 14 кунлик карантиндан ўтади. Қолган 123 нафар йўловчи 14 кунлик карантинни Юқоричирчиқ туманидаги объектда ўтади», – дея қайд этади ССВ матбуот хизмати.
Россиядаги ўзбекистонликлар бир марталик тўловлар олиши мумкин
14 майдан бошлаб Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва мамлакатнинг Россия ҳудудларидаги бош консулликлари карантин жорий этилиши муносабати билан Россияда қийин аҳволга тушиб қолган республика фуқароларига бир марталик моддий ёрдам тўловини беришни бошлаяпти.
Тўловлар ногиронликка эга кишилар (тегишли тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганида), қарамоғида икки ёшгача бўлган болалари бўлган аёллар ҳамда ҳомиладорлик муддати етти ойдан ошган аёллар (тасдиқовчи ҳужжатлар тақдим этилганида), коронавирус инфекциясига чалингани тасдиқланган шахслар (тасдиқовчи ҳужжатлар тақдим этилганида), Россия ОЎЮнинг кундузги бўлимларида таҳсил олаётган талабалар (ўқиш жойидан маълумотнома тақдим этилганида) учун мўлжалланган.
Молиявий ёрдамга эга бўлиш учун аризани мехр.рф электрон портали орқали жўнатиш зарур, ушбу портал ўзбек ва рус тилларида ишлайди.
Ҳиндистон Ўзбекистонга дори-дармонлар жўнатди
Дори-дармонлар орасида аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати томонидан сўралган гидроксихлорохин таблеткалари ҳам бор.
Хитой Ўзбекистон ҳарбийларига инсонпарварлик ёрдамини юборди
Юк таркибидан умумий оғирлиги қарийб 2,5 тоннани ташкил қилувчи ва умумий қиймати 2,8 млрд сўмлик 13 турдаги тиббий буюмлар, шу жумладан, ниқоблар, ҳимоя кўзойнаклари, ҳимоя кийими, контактсиз термометрлар, дезинфекцияловчи воситалар, инфузион насослар ва бошқа буюмлар ўрин олган.
Шарҳлар