Ўзбекистон ва Тожикистон 730 млн долларлик ҳужжатларни имзолади
9 июнь куни Бохтар шаҳрида биринчи Ўзбекистон – Тожикистон ҳудудлараро инвестициявий форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
Форум якунлари бўйича Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Экспорт агентлиги билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим, автомобиль, трансформатор, маиший техника ишлаб чиқариш, интенсив боғлар, иссиқхона комплекслари, қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналарни ташкил этиш бўйича битимлар, шунингдек, бир қатор савдо шартномалари имзоланди. Имзоланган ҳужжатларнинг умумий суммаси 730 млн долларни ташкил этди.
Тадбирда 50 млн долларлик устав капиталига эга Ўзбекистон – Тожикистон инвестиция жамғармаси ташкил этилгани маълум бўлди.
Тадбирда Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, икки мамлакат вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, савдо-саноат палаталари, чегарадош вилоятлари раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг турли ҳудудларидан келган 300 га яқин тадбиркорлар иштирок этди.
Фотосурат: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Шарҳлар