Ўзбекистонда барча оммавий тадбирлар бекор қилинди
Барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, спорт, маданий ва бошқа тадбирлар бекор қилинмоқда. Бу ҳақда Газета.uz нашри мамлакат бош вазири Абдулла Ариповнинг сўзларига таянган ҳолда хабар беради. Бош вазир ҳукумат томонидан қабул қилинаётган чораларни фавқулодда вазият деб атамади.
Мазкур чоралар барча давлат органлари ва нодавлат ташкилотларида йиғилишлар тўхтатилишини кўзда тутади. Уларни масофали режимга ўтказиш тавсия этилмоқда. Юз ниқобларини ишлаб чиқариш 10 бараварга оширилади. Душанбадан ниқоблар экспорти тўхтатилади. Дори-дармонлар ва тиббий буюмлар нархларини сунъий оширадиган хусусий тадбиркорлар жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилди.
Жамоат транспортининг якуний бекатларида ва темир йўл деполарида ҳар тўрт соатда дезинфекция ишлари амалга оширилиши керак.
Мактабгача таълим, ўрта ва олий таълим муассасалари (ҳам давлат, ҳам хусусий) карантинга ёпилади. Ҳудудларда истиқомат қилувчи талабалар учун транспорт хизматларига 50% чегирма тақдим этилади.
Чет элдаги ўзбекистонликлар учун чартер авиарейслари ташкил этилиши мумкин. Ватанига қайтишга қарор қилган фуқаролар икки ҳафталик карантинга жойлаштирилади.
Ҳудудларга аҳоли билан профилактика суҳбатларини ўтказиш учун жўнатилган тиббиёт олий ўқув юртларининг талабалари хоҳишлари бўйича уйларига қайтишлари мумкин.
Уларни 16 мартдан ўз ишини бошлайдиган 1003 рақами бўйича ягона қайноқ линияда ишлашга жалб этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг телефони: 71−276−49−66.
Фуқароларга вирус аломатлари бўлганида уйдан чиқмаслик, мутахассислар келиб, текширув ўтказиши учун телефон орқали қўнғироқ қилиш тавсия этилади.
Шарҳлар