Ўзбекистонда бешта янги авиакомпания пайдо бўлиши мумкин
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа идораларга шу йилнинг 1 апрелига қадар бешта янги авиакомпанияни ташкил қилиш топширилди. Бу ҳақда “Фергана” АА эътибор қаратган 2020 йил учун давлат ҳаракатлар дастури лойиҳасида сўз боради.
Амалдаги йўналишлар бўйича парвозлар сонини ошириш ва янги йўналишларни очиш ҳисобидан ўзбек авиаташувчилари томонидан амалга ошириладиган рейсларнинг умумий сони деярли уч мингга ошиши керак.
Бунда республиканинг ҳар бир халқаро аэропортида ўнтадан янги халқаро рейсни очиқ осмон режимида жорий этиш топширилди. Ташаббусни бажариш муддати – Халқаро ҳаво транспорти уюшмаси (IATA) томонидан тасдиқланган 2021 йил ёзги жадвал бошлангунга қадар.
Бундан ташқари, фуқаролари виза расмийлаштирмасдан туриб Ўзбекистонга ташриф буюриши мумкин бўлган мамлакатлар сонини кўпайтириш режалаштирилмоқда. Республиканинг чет элдаги дипломатик миссияларида эса туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ходимларидан тайинланадиган элчининг биринчи ўринбосарлари каби янги штат бирликлари пайдо бўлади.
Ушбу чоралар 2020 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрадиган туристлар сони 7,5 млн кишигача кўпайишига йўналтирилган. Таққослаш учун, ўтган йили республикага 6,7 млн чет эл фуқароси ташриф буюрган, бу олдинги кўрсаткичга қараганда тахминан чоракка кўп. Аммо сафар мақсади туризм эканини уларнинг фақат 15% гина кўрсатган.
Шарҳлар