Ўзбекистонда биринчи крипто-биржа ташкил қилинди
20 декабрь куни Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Kobea Group компаниясига крипто-биржалар фаолиятини амалга оширишга биринчи лицензияни берди.
«Kobea Group технологик компания бўлиб, у рақамли иқтисодиёт соҳасида, шу жумладан блокчейн технологиялари бўйича турли ечимларни ишлаб чиқишга йўналтирилган», – дейилади ЛБМА хабарида.
Агентликнинг қайд этишича, компания Ўзбекистон Республикасининг крипто-активлар айланмаси соҳасидаги миллий қонунчилиги талабларига ҳамда жиноий даромадларни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартларга амал қилган ҳолда крипто-биржа фаолияти билан шуғулланиш ниятида.
Бундан олдин Kobea Group компанияси ҳудуддаги биринчи блокчейн-академияни ташкил қилишни режалаштирганди.
«KOBEA GROUP компанияси Корея АТ-компанияларининг ЛБМА ва Digital Trust, Ўзбекистонни ривожлантириш мустақил фонди томонидан олиб борилаётган Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш лойиҳасидаги илғор технологияларини амалга оширишда уларни қўллаб-қувватлаш учун бор имкониятни ишга солади», – дейилади компания сайтида.
Қайд этиб ўтамиз, компания сайти АҚШнинг Аризона штатида рўйхатга олинган, Anhor.uz нашри компания сайтидаги маълумотлардан ташқари бошқа ахборотни топа олмади.
Шарҳлар