Ўзбекистонда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил қилинади

Ўзбекистон президентининг қарорига кўра, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази қошида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил қилинмоқда. 2021-2022 йилларда умумий штат бирликлари ва стационар ўринлар доирасида болалар гематологияси ва онкологияси бўлимлари ташкил қилинади.

Ҳужжат билан Республика гематология, онкология ва радиология марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди. Ушбу гуруҳ икки ой муддатда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш, салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш ва жиҳозлаш концепциясининг ишлаб чиқилишини таъминлаши лозим.
 
Бундан ташқари, гуруҳ вазифаларига қуйидагилар киради:

– Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини ташкил этишга хорижий экспертлар ва етакчи илмий-тадқиқот муассасалари жалб қилиниши, молиявий, ташкилий ва бошқа зарур чоралар амалга ошириш;

– суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини кўчириб ўтказиш амалиётини биринчи босқичда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида, кейинчалик эса Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ҳам жорий этиш;

– Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази учун қуриладиган бино-иншоотлар комплекси соҳадаги илғор хорижий тиббиёт муассасаларининг тажрибасини инобатга олган ҳолда ташкил этиш;

– марказлар жойлаштириладиган биноларни таъмирлаш ва жиҳозлаш стандартлари ушбу соҳадаги илғор хорижий тиббиёт муассасалари тажрибаси асосида ишлаб чиқилишини ҳамда жиҳозланишини таъминлаш.

Аввалроқ жамоатчилик алоҳида болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси марказини ташкил қилиш илтимоси билан Ўзбекистон президентига мурожаат қилганди.

Бош саҳифадаги фотосурат: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.