Ўзбекистонда коронавирус. Шу соат янгиликлари билан танишинг
Коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 1836 тага, соғайганлар сони 617 тага етди. Коронавирус бўйича шу соатнинг охирги янгиликларини тўпладик, мавзу бўйича расмий ахборотни бу ерда кузатиб бориш мумкин.
Ўзбекистон Жаҳон банкидан шошилинч 95 млн доллар маблағ олади
ЖБнинг лойиҳа маблағлари миллий соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга ҳамда кам таъминланган ва пандемия туфайли иқтисодий инқироздан зарар кўрган ижтимоий заиф аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Европа инвестиция банки 50 млн евро йўналтиради
Маблағлар Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлашга сарфланади, шунингдек банк маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, экспортчилар ва кичик ва ўрта бизнес корхоналарини молиялаштириш учун тижорат банкларига 80 млн евро миқдорида кредит линияларини очади.
Коронавирус сабабли давлат қарзи лимити қайта кўриб чиқилади
2020 йил учун давлат бюджетида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун мамлакат номидан ёки ҳукумат кафолати остига олинадиган ташқи қарзларни жалб этиш бўйича янгидан имзоланадиган келишувларга 4 млрд доллар миқдорида лимит ўрнатилган. Ушбу қарз маблағларини ўзлаштиришнинг чегаравий ҳажми йилига 1,5 млрд долларни ташкил қилади.
Қарз маблағларининг чегаравий миқдори ва уни ўзлаштириш 2021 йилги бюджетда ҳам қайта кўриб чиқилади.
Бугундан бошлаб қурилиш бозорлари ва йирик автосервислар ўз фаолиятини тиклади
Фаолиятини тиклашга рухсат берилган субъектлар орасида қуйидагилар мавжуд: йирик ўз маҳсулотларини сотиш учун мўлжалланган ишлаб чиқарувчиларнинг тармоқли дўконлари (10 м кв майдонга 1 та харидор санитария нормасига амал қилган ҳолда); ҳунармандлар ва усталар — бозордан алоҳида бўлган жойларда (дўконларда) сотиш; уруғ ва кўчат етиштириш ва сотиш билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари (исталган мулкчилик шаклидаги); турли объектлардаги тижорат банклари пунктлари (кассалари); кимёвий тозалаш билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари; нотариал идоралар ва суғурта компаниялари.
Шарҳлар