Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил қилинди: у Президентга бўйсунади

Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил қилинди: у Президентга бўйсунади

“Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди, дея хабар беради Адлия вазирлигининг матбуот хизмати.
 
Агентлик коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. У Президентга бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор.

Агентлик коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилади.
 
Агентликка бир қатор ҳуқуқлар берилди:

бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш;
 
жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;
 
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;
 
ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш.
 
Агентликнинг огоҳлантириш, тақдимнома ва мурожаатлари ўн кун ичида кўриб чиқилиши ва натижалари юзасидан ёзма ахборот берилиши шарт.
 
Бундан ташқари, Коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобил дастурий таъминот яратилади.
 
2020–2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”) босқичма-босқич жорий этилади.
 
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, шунингдек, ушбу соҳадаги давлат ва бошқа дастурлар самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш имконини берувчи “E-Anticor.uz” электрон платформаси жорий этилади.
 
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари ташкил этилди.

Instagram каналимизга обуна бўлинг.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.