Эронда таниқли режиссёр Муҳаммад Расулоф 8 йилга қамалди

Фото: WireImage

Эронда режиссор Муҳаммад Расулоф саккиз йиллик ҳибсга ҳукм қилинди. Унинг адвокати маълум қилишича, ҳукм учун Расулофнинг омма олдидаги баёнотлари ва унинг фильмлари асос бўлган. Суд уларни “мамлакат хавфсизлигига қарши жиноят содир этиш ниятида тил бириктириш намуналари” деб атади.

The Guardian ёзишича, Расулофнинг сўнгги фильми — “Муқаддас анжир уруғи” 2024 йилги Канн фестивали асосий танлов дастури учун танлаб олинганидан кейин Эрон ҳукумати 52 ёшли режиссёрга босимни кучайтирган.

Картина сюжети сир сақланмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, у умуммиллий норозиликлар билан боғлиқ ишларни кўриб чиқаётган теҳронлик Инқилоб суди судьяси ҳақида ҳикоя қилади. Эрон ҳукумати филмни танловдан чиқариб ташлашни талаб қилмоқда.

Муҳаммад Расулоф аввал ҳам ўз ижоди учун Эронда жиноий таъқибга учраган, аммо жорий ҳукм унга нисбатан энг шафқатсизи ҳисобланади. 2017 йилда Расулоф Канн кинофестивалининг “Ўзгача нигоҳ” дастурида ғолиб бўлган. 2020 йилда Берлин кинофестивалининг бош соврини — “Олтин айиқ” билан тақдирланган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.