Ўзбекистонда махсус ҳарбий-ватанпарварлик синфлари очилади
Ҳукумат томонидан Умумий ўрта таълим ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлари тўғрисида низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар беради.
Тасдиқланган рўйхатдаги 56 та мактабда, Қорақалпоғистон, ҳар бир вилоят ва Тошкентда 4 тадан мактабда ихтисослаштирилган синфлар очилади. Пойтахтдагилари – Юнусобод туманидаги 58-сон, Яшнобод туманидаги 161-сон ва Яккасарой туманидаги 172-сон умумтаълим мактаблари, шунингдек Олмазор туманидаги 326-сон ихтисослаштирилган мактаб.
Ихтисослаштирилган синфларда ўқиш муддати 5 йилдан (7-11 синфлар) иборат бўлади. Тегишинча, 6-синфни муваффақиятли якунлаган ўқувчилар (ўғил ва қиз болалар) қабул қилинади. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган синфларга 30 тадан ўқувчи олинади. Бунинг учун танловдан ўтиш керак бўлади.
Номзодлардан ҳужжатлар 1-20 июль кунлари қабул қилинади. Сўнг жисмоний тайёргарлик синовлари (21 июлдан 5 августгача), тегишли фанлар бўйича тест синовлари (15-25 август) ўтказилади. Жисмоний тайёргарлик синовлари доирасида 60 ва 1000 метрга югуриш, югуриб келиб узунликка сакраш, тўпни улоқтириш, шунингдек баланд турникда тортилиш (ўғил болалар) ва гардишни 1 дақиқагача белда айлантириш (қиз болалар) 100 баллик тизим бўйича баҳоланади. Нормативлар бўйича 70 ва ундан юқори балл тўплаган номзодларгина тест синовларига қўйилади.
Шарҳлар