Ўзбекистонда нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий этилади

2021 йил 1 апрелдан бошлаб Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади ва унга кўра ҳар йил якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан уларнинг рейтинги тузилади. Бу ҳақда 2021-2025 йилларда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаган президент фармонида сўз боради.
 
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда шакллантирилади ва индекс натижалари уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
 
Ҳужжат билан Нодавлат нотижорат ташкилотларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институтини жорий этиш топширилди.
 
Доимий вакилнинг асосий вазифалари этиб қонун лойиҳалари ва қуйи палатанинг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича муҳокамалар ва йиғилишларда ижтимоий шериклик, таъсирчан жамоатчилик назорати механизмларини жорий қилиш ва уларни амалиётга тўғри қўллаш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода қилиш белгиланди.
 
Доимий вакил фуқаролик жамияти ривожига ҳисса қўшган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари орасидан Жамоатчилик палатаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
 
Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари таркибининг камида 50 фоизини нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ташкил этиши керак. Жамоатчилик кенгашларининг таркиби Жамоатчилик палатаси билан келишилгандан сўнг давлат органи раҳбарининг қарори билан ҳар 2 йилда тасдиқланади. Жамоатчилик кенгашларининг умумий аъзолари сони 15 нафардан кам бўлмаслиги зарур.
 
Бош саҳифадаги фотосурат: strategy.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.