Ўзбекистонда нотижорат ташкилотларнинг фаолиятига аралашганлик учун мансабдор шахсларни жаримага тортиш таклиф этилмоқда
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлик ўрнатилмоқда, дея хабар беради Адлия вазирлиги.
Бу “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида кўзда тутилган бўлиб, у жамоатчилик муҳокамаси учун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Қонун лойиҳасига кўра, ҳуқуқбузарлик содир этган мансабдор шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 10 бараваригача (1,7 млн. сўмдан 2,4 млн. сўмгача), агар такроран содир этилса, 15 бараваргача (3,6 млн. сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин бўлади.
Шунингдек, лойиҳада мазкур ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, адлия органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиши ва судга тақдим этилиши назарда тутилган.
Аввал бу каби ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик ўрнатилмаганлиги сабабли, нодавлат нотижорат ташкилотларини мажбурий равишда ҳомийлик ва бошқа ишларга жалб қилиш, тадбирлар ўтказишга қаршилик қилиш, уларга тегишли бўлган мол-мулкларни олиб қўйиш, шунингдек, қонунчиликни бузган ҳолда уларга оид ҳужжатларни (маълумотларни) талаб қилиб олиш ва бошқа кўринишлардаги ҳуқуқбузарликлар содир этилганини қайд этиш жоиз.
«Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши нодавлат нотижорат ташкилотларининг эркин фаолият юритишига янада қулай имкон яратиб, фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишига хизмат қилади», – дейилади Адлия вазирлигининг хабарида.
Шарҳлар