Ўзбекистонда техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилмоқда
Президент фармони билан Ўзстандарт агентлиги негизида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилмоқда, дея хабар беради “Газета” нашри.
Фармон билан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан мувофиқлик сертификатини олиш ихтиёрий равишда амалга оширилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 сентябрдан айрим турдаги хавфлилик даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш мувофиқликни декларациялаш йўли билан амалга оширилади. Бунда, мувофиқликни декларациялаш техник регламент талаблари асосида маҳсулотнинг тўлиқ синовлари ўтказилгандан сўнг ижобий синов натижаларига кўра тузиладиган синов баённомалари асосида мувофиқлик сертификати берилмаган ҳолда амалга оширилади.
Маҳаллий мувофиқликни баҳолаш органларида маҳсулотнинг хорижий давлатларнинг стандартларига мувофиқлигини баҳолаш учун хорижий давлатлар стандартларининг Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилиши талаб қилинмайди.
Шунингдек, 1 сентябрдан бошлаб техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун қуйидаги жазо чоралари тайинланади:
· юридик шахсларга — реализация қилинган маҳсулот қийматининг 50 дан 100 фоизигача;
· мансабдор шахсларга — БҲМнинг 40 дан 80 бараваригача жарима.
Бунда, қонунчилик ҳужжатлари ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар эркин муомаладан чиқарилиши ва йўқ қилиниши лозим.
Шарҳлар